Факультет тарихи
1920 йилда Туркистон Давлат университетининг саккизта факультети қаторида техника факультети ҳам фаолият бошлаган. Университетнинг машинашунослик бўлими 1930 йилда Ўрта Осиё қишлоқ хўжалиги институтининг қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетига айлантирилган. Факультет базасида 1931 йили Ўрта Осиё қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш институти тузилган. 1934 йили 11-ноябрда мазкур институт Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш инженерлари институтига (ТИҚХММИ) айлантирилган. Унинг таркибида қишлоқ хўжалигини механизациялаш факультетининг фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Ўша йилнинг ўзида факультетда 401 та талаба таълим олган.
Ҳукуматнинг 2004 йил 3-сентябрдаги 415 қарорига асосан, факультет Тошкент давлат аграр университети таркибига ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 24-майдаги ПҚ-3003-сонли қарорига асосан факультет 2017 йил 2 сентябрдан бошлаб қайта ТИҚХММИ таркибида фаолият кўрсата бошлаган.
Факультет ривожи ва тараққиётига академик М.В.Сабликов, ЎзФА мухбир аъзоси Г.А.Кошевников, хизмат кўрсатган фан арбоблари В.И.Лазунов, С.П.Пўлатов, профессорлар Ғ.Ш.Зокиров, О.В.Лебедов, О.А.Каримов, М.И.Ландсман, Е.К.Батурин, А.И.Корсун, М.С.Ғаниев, Р.Д.Матчанов, Ш.У.Йўлдошев, А.Х.Ҳайдаров, Ф.К.Дадабоев ва бошқалар катта ҳисса қўшган. 2000 йилда факультетга 17 йил давомида институтга ректорлик қилган, йирик олим ва давлат арбоби, профессор Салим Пўлатов номи берилган.
Факультетда турли йилларда профессорлар М.В.Сабликов, Е.К.Батурин, Г.А.Кошевников, С.П.Пўлатов, М.И.Ландсман, Н.В.Сабликов, В.В.Булкин, Н.П.Поликутин, В.А.Иванов, А.Х.Ҳайдаров, С.Г.Муҳаммаджонов, В.В.Байдингер, Б.Ф.Назаров, А.И.Комилов, О.А.Ғанихўжаев, Ў.П.Умурзаков, Х.Н.Ибрагимов, А.С.Сирожиддинов, Э.Т.Фармоновлар деканлик қилган. Ҳозирда факультет декани лавозимида Қ.А.Шавазов фаолият олиб бормоқда.
Ўзбекистон Республикаси президентининг 2021 йил 10-декабрдаги ПҚ-42-сонли билан тасдиқланган «Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти» миллий тадқиқот университетини ташкил этиш қарорига мувофиқ «Қишлоқ хўжалигини механизациялаш» факультети фаолият олиб бормоқда.
Бугунги кунда факультетда «Қишлоқ хўжалиги техника ва технологиялари», «Тракторлар ва автомобиллар», «Муҳандислик тизимларни бошқариш» ва «Умумтехник фанлар» кафедралари фаолият кўрсатиб келмоқда.
Факультет профессор-ўқитувчилари халқаро алоқалар бўйича АҚШ, Германия, Англия, Япония Россия, Хитой, Белоруссия, Қозоғистон каби бир қанча чет мамлакатларнинг олий таълим муассалари, илмий муасссалари шунингдек, қишлоқ хўжалиги техникалари ишлаб чиқариш бўйича машхур «John Deere», «Keys», «Lemken», «Россельмаш» компаниялари билан яқиндан хамкорлик ўрнатган ва факультетда бу компанияларнинг махсус ўқув хоналари ташкил этилган.
Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизациялашда ер, сув, ёнилғи-энергетика ва моддий-техника ресурсларидан самарали фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва ишлаб чиқаришда замонавий ресурстежамкор механизациялашган технологиялар, техника воситаларини ишлаб чиқиш, маҳаллий иш шароитидан келиб чиқиб қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини механизациялаштириш жараёнлари, қишлоқ хўжалиги машиналари технологик жараёнлари, агротехник тадбирларнинг мақбул турини қўллаш ҳамда қишлоқ хўжалиги техникаларидан фойдаланишда механизациялашган ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқариш, машина-трактор парклари фаолиятини стратегик ривожлантиришда замонавий билимларни қўллаш, замонавий ахборот технологиялардан бошқарувда фойдаланиш, ишлаб чиқариш жараёнлари мониторинги ва сифатини баҳолаш усуллари ва механизмларини ишлаб чиқиш бўйича факультетда “қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш”, “қишлоқ ва сув хўжалигида техник сервис”, “қишлоқ хўжалигида инновацион техника ва технологияларни қўллаш”, “қишлоқ хўжалиги махсулотларини сақлаш ва дастлабки қайта ишлаш технологияси (махсулот турлари бўйича)”, “метрология, стандартлаштириш ва махсулот сифати менежменти (тармоқлар бўйича)” ва “касб таълими (қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш)” бакалавират йўналишлари ҳамда “қишлоқ хўжалигини механизациялаш” магистратура мутахассислиги бўйича кадрлар тайёрланмоқда.
Шунингдек, профессор-ўқитувчилар томонидан илмий тадқиқот ишларини амалга оширишда машина ва жиҳозларни яратиш, такомиллаштириш ва синаш, жиҳозларни ва материалларни стандартлаштириш билан боғлиқ тадбирларда иштирок этиш; деҳқончилик, чорвачилик ва дастлабки қайта ишлаш техникаларини тадқиқ қилишда янги техник воситаларни қўлла; илмий-тадқиқот институтлари ва марказлари билан хамкорликда энергетик воситалар, қишлоқ хўжалиги машиналаридан фойдаланишнинг замонавий усуллари бўйича илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш; машина трактор агрегатларини бошқаришнинг замонавий усуллари бўйича мамлакатдаги ва хорижий давлатларда қўлланилаётган рақамли технологиялар, агрегатларни замонавий бошқариш усулларини ўзлаштириш дастурларини таҳлил қилиш ва қўллаш; намунавий усуллар бўйича экспериментал тадқиқотларни ўтказиш ва уларнинг натижаларини таҳлил қилишда иштирок этиш, тадқиқот натижалари ва ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш соғаларида илмий-тадқиқот ишлари амалга ошириб келинмоқда.
Факультет битирувчилари республикамиз қишлоқ хўжалигини комплекс механизациялаштиришга катта ҳисса қўшган. Республика ҳукуматининг аъзолари, қатор давлат ва жамоат арбоблари, конструктор ва олимлар етишиб чиқишган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти Мирзиёев Шавкат Миромонович 1976 – 1981 йилларда факультетда таҳсил олган.